Иқтисодиётни Модернизациялаш Жараёнининг Ишчи Кучини Такрор Ишлаб Чиқаришга Таъсири

Мамарахимов Бекзод Эркинович,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
“Иқтисодиёт назарияси” кафедраси доценти, и.ф.н.
E-mail: [email protected]

Аннотация: Ушбу мақолада иқтисодиётни модернизациялаш жараёни, унинг ишчи кучини такрор ишлаб чиқаришга таъсири, уни такрор ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолар ўрганилган.
Калит сўзлар: иқтисодиётни модернизациялаш, ишчи кучи хусусиятлари, ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш, ишчи кучи бандлиги.
Abstract: This article examines the process of modernization of the economy, its impact on the reproduction of the labor force, the problems associated with its
reproduction.
Keywords: modernization of the economy, labor force characteristics, labor force reproduction, labor force employment.

Кириш
Ўзбекистонда жадал амалга оширилаётган ислоҳотлар инсоният тараққиётининг янги тарихий босқичи ҳисобланмиш ахборотлашган жамиятни ўзлаштиришимиз заруратини ва уни таҳлил қилишимизни тақозо этади. Мамлакатимизда бу соҳадаги ислоҳотлар иқтисодиёт ва жамиятни модернизация қилиш даражасига эътибор қаратган ҳолда давом этмоқда. Модернизациянинг туб моҳияти замонавийлаштириш бўлиб, бугунги кундаги янги ишлаб чиқариш омилларидан фойдаланган ҳолда ривожланишни талаб этади. Ҳозирги вақтда замонавийлашиш, яъни энг илғор ютуқларни ҳаётга татбиқ этиш орқали жамиятнинг ахборотлашиш даражасини оширишга интилиш билан боғлиқ фаолият ҳисобланади.

Ушбу муаммоларни ҳал этиш масалалари бугунги куннинг асосий масаларидан бири бўлиб ҳисобланада. Президентимиз айтганларидек, “асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштиришдан иборат.” [1]

Иқтисодиётни модернизациялаш кенг қамровли, мураккаб жараён бўлиши билан бирга, айни пайтда у мақсадга йўналтирилганлик тавсифини ҳам намоён этади. Модернизациялаш жараёнларининг давлат томонидан тартибга солиниб турилиши уларнинг самардорлигини оширади, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш имконини беради.

Мавзуга оид адабиётларнинг танқидий таҳлили
Мавжуд иқтисодий тизимни яъни бозор иқтисодиётини ҳисобга олган ҳолда ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш масаласи Самуэлсон П., Брю Л., Беккер Г., Жонсон Г., Минцер Ж., Шулз Т., Блауг М., Фишер И., Мескон М. ва бошқа хорижий иқтисодчи олимлар асарларида ёритишга ҳаракат қилинган. МДҲ иқтисодчи олимларидан Гончарова А., Волгин Н., Буланов В., Андреев С.Й., Коноваленко Д.А., Летиш И.С., Живалева Е. А. Горбуля Н.Й., Микулский К., Маер В.Ф., Зукова С.В., Кокин Ю., Травин В.В., Дятлов В.А., Белова В.П. [2-9] ва бошқалар адабиётларида ишчи кучини такрор ишлаб чиқаришнинг турли жиҳатларини ўрганишган.

Мамлакатимиздаги айрим иқтисодчиларгина ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш тўғрисидаги фикрларини билдириб ўтишган. Лекин улар томонидан кенгроқ ёритишга ҳаракат қилинмаган. Фақатгина ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш тушунчасигагина таъриф бериб ўтилган. Жумладан:

Ишчи кучи бозори сифат хусусиятининг энг муҳим мезони уни инфратузилмасининг ривожланиш даражаси эканлиги, унинг таркибий қисмлари элементлари, асосий вазифалари ва функцияларининг айрим жиҳатлари борасида Абдурахмонов Қ.[10], Холмўминов Ш., Арабов Н. [11] ва бошқалар томонидан тадқиқ этилган.

Х.П. Абулқосимовнинг таъкидлашича, ишчи кучини такрор ҳосил қилиш – инсоннинг жисмоний кучлари ва ақлий қобилиятларини узлуксиз қайта тиклаш ва таъминлаб туриш, уларнинг меҳнат малакасини муттасил янгилаб ва ошириб бориш, умумий билим ва касбий даражаси ўсишини таъминлаш, ёш ишчилар авлодини етиштириш демакдир. Ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш – бу инсоннинг ақлий ва жисмоний қобилиятларининг узлуксиз равишда тикланиб бориши, доимий равишда унинг билим, малака савиясининг кўтарилиб, янгиланиб боришидир [12].

Б.Ходиев ва Ш.Шодмоновларнинг фикрича, ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш – инсоннинг жисмоний ва ақлий қобилиятларини узлуксиз қайта тиклаши, сақлаши, яъни унинг овқатланиши, кийиниши, дам олиши ва маданий ҳордиқ чиқариши, уларнинг касбий малакаси ва таълим даражасини доимий янгилаш ва такомиллаштириш тушунилади. Такрор ишлаб чиқариш жараёнида фақатгина ишлаб чиқаришнинг моддий-ашёвий омилларигина эмас, балки шахсий омили, яъни ишчи кучи ҳам такрор ишлаб чиқарилади [13].

Тадқиқот методологияси
Мавзуни тадқиқ қилишда индукция, дедукция, илмий абстракция, анализ ҳамда синтез сингари илмий тадқиқот усулларидан фойдаланилди. Ушбу тадқиқот усуллари мавзуни ўрганиш ва таҳлил қилиш илмий хулоса чиқариш ва таклифларни тақдим этишда катта аҳамият касб этади.

Таҳлил ва натижалар
Модернизация – ишлаб чиқаришнинг тайёрланаётган маҳсулотлар (иш ва хизматлар) рақобатдошлигини оширишга йўналтирилган технологик янгиланиш жараёнидир. У корхоналарнинг технологик қолоқлигини бартараф этиш воситаси бўлиб, меҳнат, моддий ва хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш даражасига кескин таъсир кўрсатади. Модернизация, техник ва технологик янгилаш натижалари юқори технологик, рақобатдош ишлаб чиқаришнинг жадал ривожланиш шартини белгилаб беради.

Модернизациялашнинг иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларига таъсири қуйидаги йўналишларда амалга ошиши мумкин:
1) модернизациялаш туфайли иқтисодиётда мутлақо янги ишлаб чиқариш ёки тармоқнинг пайдо бўлиши;
2) тармоқ ишлаб чиқаришига янги замонавий техника ва технологияларни жорий этиш ҳисобига ундаги ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши;
3) тармоқ ёки соҳа ишлаб чиқаришининг техник жиҳатдан такомиллаштирилиши натижасида унинг меҳнат сиғимининг қисқариши;
4) тармоқ ишлаб чиқаришда умуман янги йўналиш ва мазмундаги технологияларнинг пайдо бўлиши натижасида эски ишлаб чиқаришнинг қисқариши ёки умуман барҳам топиши ва ҳ.к.

Иқтисодиётни модернизациялаш жараёни бир қанча турларга бўлиб ўрганилади:
1) Ходимлар малакаси ва кўникмасини модернизациялаш;
2) Ишлаб чиқариш воситаларини модернизациялаш;
3) Иқтисодиётни бошқариш усулларини модернизациялаш;
4) Технологик жараёнларни модернизациялаш.

Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, иқтисодиётни модернизациялаш жараёнини иқтисодиётнинг барча тармоқларига таъсир қилгани ҳолда ишчи кучи бозорига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Ушбу жараёнлар турли шароиларда ишчи кучи талаби ва таклифига турлича таъсир кўрсатиши мумкин. Уларнинг бошқа тенг шароитлардаги умумий ўзгаришларини қуйидаги жадвал орқали ифодалаш мумкин (1-жадвал).

1-жадвал

Модернизациялаш натижасидаги ўзгаришлар йўналишлари ҳамда уларнинг ишчи
кучи бозорига таъсири

Юқоридагилардан кўринадики, ишчи кучи талаби ва таклифининг шаклланишининг ўта мураккаб жараён бўлиб, унга турли омиллар қаторида иқтисодиётни модернизациялаш ҳам аҳамиятли таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари модернизациялаш жараёни доирасида қуйидаги ўзгаришлар юз беради:[14]

  • Ижтимоий муносабатлар бутун тизимини такомиллаштириш ва турмуш тарзхини ўзгартириш, яъни низоларни тартибга соладиган ва ижтимоий
    муаммоларни ҳал қиладиган тартибот ва механизмларнинг пайдо бўлиши;
  • Ногиронлар мустақиллиги вав тафаккурининг ўсиши;
  • Иқтисодиёт соҳасида товар-пул муносабатларининг кенг тарқалиши, янги илғор технологияларнинг пайдо бўлиши, иш берувчилар ва ёлланм а ишчилар касбий ихтисослашувининг юқори даражасига эришиш; ижтимоий муносабатларнинг ўзгариши – иммобиль (қотиб қолган) табақачиликка асосланган жамиятдан юқори ижтимоий ҳаракатчанлик ва рақобатга асосланган динамик жамиятга ўтиш.

Ишчи кучига бўлган талаб ва таклифни мувофиқлаштириш учун ишчи кучи бозори инфратузилмасини ривожлантириш, ўқув муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ва минтақаларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш масалалари бўйича бандликка кўмаклашувчи ташкилотларнинг ўқув юртлари билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш бўйича тадқиқотлар олиб бориш модернизациялашнинг муҳим йўналишидир. Ижтимоий ҳимоялаш масалалари, энг аввало, самарали бандликни назарда тутади. Самарали деганда, бир томондан, банд бўлганлар меҳнат унумдорлигини ҳар томонлама оширишни ва бошқа томондан, бандлар даромадларининг барқарор ўсишини таъминлашни кўзда тутган ҳолда бу масалаларга ёндашиш зарур. Ижтимоий қатламни давлат томонидан тақдим этиладиган ижтимоий хизматлар тўғрисидаги маълумотлар пакети билан тўлиқ таъминлаш, бу хизматларни зарурат туғилганда нодавлат ташкилотлари ва хусусий секторга ўтказиш муҳим янгиланиш йўналиши бўлиб ҳисобланади. Ижтимоий соҳа муассасаларининг, кам таъминланган қатламларга салбий таъсирини бартараф қилган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини янада кенгайтириш,
уларнинг хизматларини (масалан, тиббиёт ва таълим хизматларини) нафақат Ўзбекистон фуқароларига, қўшни давлат фуқароларига ҳам етказиш иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий самара бериши мумкин бўлган йўналишдир.

Шу ўринда иқтисодиётни модернизациялаш ҳисобига мавжуд ишчи ўринларининг ўзгаришини баҳолаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунда қуйидаги асосий жиҳатларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

  • мазкур ўзгаришни икки, яъни мутлақ ва нисбий кўринишларда баҳолаш мумкинлиги;
  • модернизациялаш жараёнларининг иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларидаги мавжуд иш ўринлари ўзгаришига турлича таъсир кўрсатиши ва ҳ.к. (2-жадвал).

Хулоса
Умуман олганда, иқтисодиётни модернизациялаш жараёни ишчи кучи бозорига икки томонлама таъсир кўрсатишини ҳисобга оладиган бўлсак, бир томондан модернизациялашган иш жойларини яратиш ҳисобига янги иш ўринларини яратса, иккинчи томондан корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан модернизация ва реконструкция қилиш натижасида иш ўринларининг қисқаришига сабаб бўлади. Бу борада мамлакатимизда янги замонавий техникалар асосида иш ўринларини яратиш орқали, иқтисодиётнинг янги соҳаларини вужудга келтириш ва уларга хизмат кўрсатишни кенгайтириш орқали қўшимча иш жойларини яратишга кенг эътибор берилмоқда.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномаси (24.01.2020) // Халқ сўзи газетаси, 2020 йил 25 декабрь.
  2. Andreev, S.Y., & Konovalenko, D.A. (2015). Problems of unemployment and employment of the population. Modern science: theoretical and practical view. Collection of articles of the International Scientific and Practical Conference. Ufa: 2015, pp. 5–8.
  3. Andreev, S.Y., & Letish, I.S. (2015). Institutional Aspects of Labor Market Regulation in the Agrarian Sector of the Economy. Economy and Society, № 5–1 (18), 89–92.
  4. Zhivaleva, Y.A., & Gorbulya, N.Y. (2016). Problems and Prospects of State Employment Policy in the Russian Federation. Young Scientist, №8.8, 10-12. Retrieved 2018, from https://moluch.ru/archive/112/28850/
  5. Mikulsky, K. (1997). Formation of a new model of employment. The Economist, N 3.
  6. Mayer, V.F., & Zhukova, S.V. (1995) Problems of State Regulation of Social Development and the Standard of Living of the Population. Moscow State University Bulletin. Economy series, N 1, 40-50.
  7. Kokin, Y. (1996). Salary as the cost of labor and distribution according to work. Man and Labor, N 10.
  8. Travin, V.V., & Dyatlov, V.A. (1995). Fundamentals of personnel management. Moscow: Delo, pp.1-407.
  9. Belova, V.P. (1992). The mechanism of reimbursement of costs for the reproduction of labor in the transition to market relations. Moscow: Scythians, pp.1-25.
  10. Абдурахмонов Қ.Х. Меҳнат иқтисодиёти (дарслик). -Т.: Меҳнат. – 2009. -512 б.
  11. Холмўминов Ш.Р., Арабов Н.У. Меҳнат бозори инфратузилмаси. Фқув қўлланма. –Т.: Фан ва технологиялар, 2016. 150-155 б.
  12. Иқтисодиёт / Ҳ.П.Абулқосимов, М.Ҳ. Абулқосимов –Т.: Ноширлик ёғдуси, 2015. – 448 б.
  13. Xodiyev B., Shodmonov Sh. Iqtisodiyot nazariyasi (darslik). – T.: «Barkamol fayz media» nashriyoti, 2017.
  14. Захидова Г.М. Глобаллашув ва миллий иқтисодиётни модернизациялаш масалалари // Иқтисод ва молия журнали, 2015 йил 5 сон, 36 бет.
  15. www.stat.uz – Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси расмий сайти маълумотлари.
  16. www.mehnat.uz – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмий сайти.